Тошкентда йўл талашаётган ҳайдовчилар ўртасидаги можаро катта жанжалларга айланмоқда
Тошкент шаҳар ИИББ пойтахтда йўл талашиб қолган ҳайдовчилар ўртасида юз берган айрим можароли ҳолатлар тўғрисида маълумот берди.
Яшнобод тумани ИИО ФМБга келиб тушган хабарга кўра, Бешариқ ва Бирлашган кўчалари чорраҳасида, 20 ёшли Ахрор К., 21 ёшли Аброр Т. ва 26 ёшли Отабек Р. ўзаро жанжал оқибатида ҳайдовчи 32 ёшли Равшан Х.га тан жароҳатлари етказган, шундан сўнг улар ҳодиса жойидан яширинган.
Аниқланишича, ҳайдовчилар ўртасидаги можарога айнан йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилмаслик сабаб бўлган.
Шу каби ҳолат Сергели туманида ҳам содир бўлган. 32 ёшли Исломжон Х. 43 ёшли Фарҳод М.ни уриб тан жароҳати етказган. Ўзаро жанжал, ҳайдовчиларнинг йўлни талашиб қолганликлари оқибатида келиб чиққан.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми (безорилик) билан жиноят иши қўзғатилган.
«Йўлларда бир-бирингизга ва йўл ҳаракатининг бошқа иштирокчиларига нисбатан ҳушмуомала бўлишингизни сўраймиз. Белгиланган тезликка ҳамда йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилинг», — дейилади хабарда.