Наманганда истеъмолга яроқсиз 1 130 литр ёғ маҳсулоти йўқ қилинди
Мажбурий ижро бюроси Тўрақўрғон туман бўлими иш юритувидаги ҳужжатлар ижросини таъминлаш мақсадида сифати кафолатламаган, яширин цехда ишлаб чиқарилган 1 130 литр пахта чигитидан олинган ёғ маҳсулоти йўқ қилинди.
Аниқланишича, жорий йилнинг 12 февраль куни Тўрақўрғон туманидаги ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Наманган шаҳрида яшовчи фуқаро Б.М. “Оқтош” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган жамиятда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун ҳеч қандай ҳужжатларсиз яширин цех ташкил этиб, пахта чигитидан қўлбола усулда ёғ ишлаб чиқараётгани аниқланган. Ўтказилган тадбир давомида пахта чигитидан ишлаб чиқарилган ёғ маҳсулоти ва ускуналар ашёвий далил деб топилиб, жиноят ишига қўшилган. Мазкур ҳолат юзасидан ўтказилган суд ҳукми билан фуқаро Б.М. га Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жазо тайинланган. Бундан ташқари суд ҳукмида 1 130 литр пахта чигит ёғи истеъмолга яроқсиз деб топилган ва йўқ қилиш белгиланган.
Ижро ҳужжатини таъминлаш мақсадида йўқ қилиш тадбири ўтказилди. Унда маҳсулот кўздан кечирилиб, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, санитария эпидемиология осойишталиги ва жамоат саломатлиги туман бўлимлари вакиллари иштирокида тумандаги марказий чиқиндихонада белгиланган тартиб асосида йўқ қилинди. Амалда ижро ҳужжати тамомланди.
Умуман олганда Бюронинг туман бўлими иш юритувига жорий йилнинг 6 ойида жами 31 та йўқ қилиш билан боғлиқ умумий қиймати 72 млн. сўмлик ҳужжатлар келиб тушган. Ижросини таъминлаш мақсадида алкоголь, тамаки каби 10 дан ортиқ турдаги маҳсулотлар йўқ қилинган.