АҚШ расмийлари маймунчечак туфайли мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилмоқчи
Оқ уй ҳатто касаллик тарқалишига қарши курашиш учун махсус координатор тайинламоқчи.
АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти маймунчечак билан боғлиқ вазият туфайли мамлакатда фавқулодда ҳолат жорий этиш имкониятини кўриб чиқмоқда, деб хабар бермоқда The Washington Post нашри. Хабарда айтилишича, Оқ уй ҳатто касаллик тарқалишига қарши курашиш учун махсус координатор ҳам тайинламоқчи.
«Жо Байден маъмурияти мамлакатда маймунчечак билан боғлиқ вазиятни соғлиқни сақлаш соҳаси учун фавқулодда ҳолат, деб эълон қилиш ёки қилмаслик масаласини кўриб чиқмоқда», — дейилади нашрнинг хабарида.
Қайд этилишича, АҚШда бу масалани муҳокама қилиш ўтган ҳафта охирида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маймунчечак тарқалишини халқаро аҳамиятга эга фавқулодда ҳолат деб эълон қилганидан кейин бошланган.
Эслатиб ўтамиз, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) раҳбари Тедрос Адханом Гебрейесус маймунчечакнинг тарқалишини халқаро аҳамиятга молик фавқулодда ҳолат сифатида тан олишга қарор қилган.
Маймунчечак ҳайвонлардан одамларга юқадиган ноёб вирусли касаллик ҳисобланади. ЖССТнинг маълумотларига кўра, бугунги кунда бутун дунё бўйлаб 14 мингга яқин касалланиш ҳолати қайд этилган.