Ўзбекистонлик таниқли адвокат Умид Давлатов оламдан ўтди
Жорий йилнинг 1 сентябрь куни 42 ёшли таниқли адвокат Умид Давлатов юрак қон-томир хасталиги туфайли оламдан ўтди. Бу ҳақда Озодликка Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов маълум қилди.
Ташановга кўра, Умид Давлатов пайшанба куни эрталаб соат 8.45 да юқори қон босими шикояти билан Республика Шошилинч Тез Тиббий Марказининг Сергели тумани бўлимига мурожаат қилган. Дастлабки тиббий ёрдам кўрсатиш жараёнида адвокатнинг жони узилган.
“Ҳодиса фавқулодда тез содир бўлди. Умид одатий қон босими туфайли ўзини ёмон ҳис қилаётгани сабабидан тиббий ёрдамга борган. Тез тиббий ёрдам шифокори унга 10 мл магний сульфатнинг дастлабки қисмини юбормасиданоқ унинг юрак қисмида қаттиқ оғриқ туриб, тили ортга қайтди. Тахминан 2 дақиқа ичида жони узилди”, деди марҳум адвокатнинг укаси.
Ўтказилган суд-тиббий экспертиза хулосасига кўра, беморнинг ўлимига ўткир юрак етишмовчилиги сабаб бўлган.
Умид Давлатов “Симай ком” адвокатлик фирмаси адвокати ҳамда “Эзгулик” жамиятининг юрист-консультанти сифатида мамлакатда таниқли ҳуқуқшуносларлардан бири эди.
Сиёсий маҳкумлар, фуқаролик жамияти фаоллари ва журналистларга оид шов-шувли маҳкамаларда адвокатлик қилган Умид Давлатов Озодликнинг ҳам ҳамкорларидан бири эди.
“Умид халқаро ташкилотлар, дипломатик корпуслар ва жамоатчилик билан кўпгина лойиҳаларда иштирок этган. Турли шов-шувли суд жараёнларида ҳимоячилик ыилган. Шунингдек, инсон ҳуқуқлари соҳасида ўзига хос ўрни бор шахс эди”, деди унинг ҳамкасби Абдураҳмон Ташанов.
Умид Давлатовнинг жасади 1 сентябрь куни тушдан сўнг Хоразм вилоятининг Хазорасп туманига олиб кетилди. У 2 сентябрь куни Хоразмдаги ота уйидан тупроққа берилади.
Умид Давлатов оилали, 2 нафар фарзанди бор эди.
Озодлик марҳумнинг яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.