Тожикистон афғон қочқинларини ватанига мажбуран депортация қилишни давом эттирмоқда
Тожикистонда афғон қочқинларини ватанига қайтариш амалиёти давом этяпти ва сўнгги бир неча кун ичида ўнлаб одам мажбуран толиблар назорати остида бўлган Афғонистонга қайтарилган. Бу ҳақда Озодликнинг тожик хизмати бир неча ишончли манбадан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.
Тожикистон расмийлари бу борада бирор изоҳ беришга шошилмаяптилар. Аввалроқ БМТнинг қочқинлар ишлари бўйича олий комиссари расмий Душанбени афғонистонликларни юртига мажбурий равишда депортация қилишни тўхтатишга чақирган эди.
Бу орада афғон қочқинларидан бири Afghanistan International телеканалига «Тожикистон 3 ҳафтадан буён асоссиз ва уйдирилган баҳоналар билан афғонистонликларни депортация қилаётгани»ни билдирган.
Унга кўра, сўнгги кунларда афғонистонликлар уйга яшириниб, кўчага ҳам чиқмай қўйишган, бироқ Тожикистон куч ишлатар тузилмалари ходимлари уларни уйларидан судраб чиқишиб, юртига депорт қилмоқда.
«Афғонистонликларнинг ҳаммасида қочқинлик гувоҳномаси бор ва биз БМТда қайддан ўтганмиз. Агар биз Афғонистонга қайтсак, ҳаётимиз хавф остида бўлади, чунки биз аввалги ҳукумат ходимлари бўлиб ҳисобланамиз», деган у.
Афғонистоннинг Душанбедаги элчихонаси вакилларидан бири Озодликнинг тожик хизматига сўнгги уч кун ичида Тожикистондан 60 га яқин афғонистонлик депортация қилинганини маълум қилган.
Тожикистонда шу кунда 10 минг чоғли афғонистонлик яшамоқда. Уларнинг кўпи «Толибон»дан қўрқиб, Тожикистонга қочиб келишганини айтишган. Бу экстремистик гуруҳ бир йилдан буён Афғонистонда ҳукмронлик қилмоқда ва у муттасил равишда инсон ҳуқуқлари, айниқса аёл ва қизлар ҳуқуқларини бузиб келаётганликда айбланади.