Қимматбаҳо «Audi» иштирокида аянчли автоҳалокат юз берди
Ижтимоий тармоқларда Тошкентда қимматбаҳо эканлиги айтилаётган «Audi» автомобили ва «Nexia» ўртасида даҳшатли автоҳалокат содир бўлгани акс этган видео тарқалди.
Тошкент шаҳар ИИББнинг маълум қилишича, ЙТҲ жорий йилнинг 7 сентябрь куни тахминан соат 10:20 ларда пойтахтнинг Учтепа туманидаги Каттақани кўчасида содир бўлган. 1974 йилда туғилган С.Н. бошқарувидаги «Audi» русумли (давлат рақами 01 039 PJA) автомобиль ва 1953 йилда туғилган У.С. бошқарувидаги «Nexia-1» русумли (давлат рақами 01 С 870 ВА) автомобиль иштирокида йўл транспорт ҳодисаси содир бўлган.
Таъкидланишича, айни пайтда ЙТҲ сабаблари аниқлаштирилмоқда.
Тўқнашув натижасида «Nexia-1» русумли автомобиль ҳайдовчиси тан жароҳати олиб касалхонага ётқизилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ томонидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда.