Шаҳрисабзлик шифокорлар чақалоқни ўлдириб қўйишда айбланди
Шаҳрисабз шаҳар туғруқ бўлими ходимларининг айби билан чақалоқ вафот этгани айтилган видеомурожаат ижтимоий тармоқлар бўйлаб кенг тарқалди.
Муҳокамаларга сабаб бўлган мазкур мавзу юзасидан вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, фуқаро Ф.П. шаҳар тиббиёт бирлашмаси туғруқхона қабул бўлимига 15 июнь куни бел ва қорин соҳасида оғриқ, сув кетиш шикоятлари билан мурожаат қилган. Шу куни бўлим бошлиғи ва туғруқ зали шифокорлари кўруви ўтказилган ва консилиум натижасига кўра, патология бўлимига ўтказилган. Унда терапевт ва бўлим бошлиғи томонидан тавсия қилинган муолажалар амалга оширилган.
Қайд этилганидек, 2 кун ўтиб, соат 5:00 да патология бўлимидан аёл дард оғриқларининг бошланиши билан туғруқ бўлимига ўтказилган.
Ташхис: “Ҳомиладорлик-3, Туғиш-2, туғруқнинг 1-даври. Қоғоноқ пардани туғруқдан олдин эрта ёрилиши. Камқонлик ўрта оғир даражаси”. 7:40 да вазни 2800 грамм, бўйи 48 сантиметрлик ўғил жинсли чақалоқ туғилган.
Бироқ бироз вақт ўтиб, муддатдан олдинги туғруқ, асфиксия оғир даражаси, нафас етишмовчилиги 3-даражаси каби ташхислар қўйилган чақалоқ кўрилган реанимацион чора-тадбирларга қарамасдан 7:45 да вафот этади.
«Мазкур ҳолат ҳақида ўз вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига хабар берилган. Суд-тиббий экспертиза тайинланган. Ўрганиш ишлари давом этмоқда», –дейилади ССБ хабарида.
Маълумотларга кўра, Ф.П. томонидан туғруқлар оралиғидаги меъёрий 3 йиллик интервалга риоя қилинмаган. 2019 йилдан буён унда 3 маротаба туғруқ қайд этилган. Ҳомиладорлик бўйича ўзи яшайдиган Шаҳрисабз туманидаги оилавий поликлиникада ўз вақтида ҳисобга олинган.