Шаҳло Зоирова «Браво»нинг концертида чиқмаганига изоҳ берилди
Актёр, режиссёр Умид Умаров ҳамкасби Шаҳло Зоированинг «Браво» жамоасининг янги концертида чиқмаганига изоҳ берди.
Унинг сўзларига кўра, ҳозирда Шаҳло Зоированинг тўй хизматлари кўп. Актёр ҳамкасби билан зиддиятга борилмаганини айтди. Умид Умаров актрисанинг эри унга оиласига кўпроқ вақт ажратишини сўраганини ҳам такидлаб ўтди.
«Шаҳлонинг тўй хизматлари кўп. Ҳозирча шу. У билан зиддиятга борганимиз йўқ, билганимиз турмуш ўртоғи кўпроқ оилага вақт ажратишини сўрабди. Шу боис, бу йилги концертда иштирок этолмайди», — дейди Умид Умаров.
Шунингдек актёр Дурдона Қурбонованинг концертда чиқишига ҳам муносабат билдирди. Режиссёрнинг таъкидлашича, актрисанинг жамоада қолиш ёки қолмаслиги ҳали аниқ бўлмаган. Умид Умаров «Браво» жамоаси кейинги концертларда қайта Шаҳло Зоирова билан ишлаши мумкинлигини айтди.
«Буни вақт кўрсатади. Ҳали аниқ тўхтамга келганимиз йўқ. Дурдона Қурбонованинг жамоада қолиш қолмаслиги эса ҳали номаълум. Яна Шаҳло билан ишлаш эҳтимолимиз ҳам бор», — дея қўшимча қилди Умид Умаров.
Аввалроқ Наргиза Салмонова «Браво» жамоасига расман қабул қилингани маълум қилинганди. Маълум бўлишича, Шаҳло Зоированинг тўй хизматлари кўплиги боис унинг ўрнига актриса Наргиза Салмонова жамоага қабул қилинган. «Браво» кулги жамоасининг концерт ташкилотчиси Абдулазиз Хўжамуродовнинг сўзларига кўра, актриса жамоанинг куз ойида берадиган концерт дастурида ҳам иштирок этади.
«Май ойидаги гастроль сафарлари бўйича апрель ойининг сўнгги кунларида аниқ тўхтамга келдик. Шаҳло Зоированинг тўй хизматларини эса одамлар бир неча ой аввал банд қилиб қўйишади. Аслида Шаҳло опам хориждаги концертларга боришни истаганди, аммо шунча тўй эгаларига вазиятни тушунтириш, уларни рози қилиш осон эмас. Кейин хорижликлардан аввал ҳамюртларимизнинг хизматларини қилиш керак, деган тўхтамга келдик. Вазият шуни тақозо қилгани учун Шаҳло Зоирова Тошкентда қолди. Унинг ўрнига Наргиза Салмонова қабул қилинди», — дейди Абдулазиз Хўжамуродов.