ШҲТ саммити меҳмонлари бирин-кетин Самарқандга етиб келишмоқда
Мўғулистон президенти Ухнагийн Хурэлсух 14 сентябрь куни эрталаб Шанхай ҳамкорлик ташкилоти давлат раҳбарлари кенгашининг 22-мажлисида қатнашиш учун Самарқандга етиб келган. Меҳмонни Самарқанд халқаро аэропортида Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов кутиб олган, дея хабар қилди маҳаллий нашрлар.
Президент матбуот котиби Шерзод Асадовга кўра, чоршанба куни тушдан кейин Эрон президенти Иброҳим Раисийнинг Ўзбекистонга расмий ташрифи бошланади. И. Раисийнинг Ш. Мирзиёев билан ўтказиладиган олий даражадаги бугунги музокаралари якунида савдо, кооперация, инновациялар, транспорт, энергетика, туризм ва бошқа йўналишларда ҳужжатлар имзоланиши кутилмоқда.
Қайд этилишича, 14 сентябрь куни тушдан сўнг Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпин ва Қирғизистон президенти Садир Жапаров ҳам Самарқандга етиб келади. Қолган меҳмонларнинг барчаси саммит манзилига 15 сентябрь куни етиб келиши айтилмоқда.