БАА Самарқанд учун 300 млн доллар ажратади
Шавкат Мирзиёев Самарқанд шаҳрида сув таъминоти тизимлари ва йўл тармоқларини модернизация қилиш учун БААнинг Абу-Даби тараққиёт жамғармасидан кредит жалб қилинишини маъқуллади.
Лойиҳа Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йилда БААга ташрифи чоғида имзоланган имзоланган инвестиция шартномасида назарда тутилган эди.
Қайд этилишича, кредитнинг умумий миқдори 1,1 миллиард дирҳамни (299,4 миллион долларни) ташкил қилади. Маблағлар йиллик 2,5 фоиз ставкада, 4 йиллик имтиёзли давр билан 17 йилга берилади.
Лойиҳа тўрт йил (2022—2026 йиллар) давомида амалга оширилиши режалаштирилган.
Сув таъминоти тизимларини модернизация қилиш қисми «Самарқанд сув таъминоти» МЧЖ ва вилоят маҳаллий буджет маблағлари ҳисобидан, йўл тармоқларини модернизация қилиш қисми эса давлат буджети маблағлари ҳисобидан қайтарилади.
Маълум бўлишича, лойиҳа доирасида Ўзбекистонга олиб кирилаётган товарлар ва ускуналар божхона божидан озод қилинади. Бундан ташқари, давлат иштирокчи компанияларга улар томонидан тўланган ҚҚС суммалари учун компенсация тўлайди — бунинг учун 42,76 миллион доллар ажратилиши кўзда тутилган.