Соли Помпеиополиснинг 1800 йиллик қадимий портида қазишмалар бошланди
Туркия Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги Шарқий Ўрта Ер денгизининг энг муҳим ва энг катта портларидан бири бўлган Соли Помпеиополиснинг қадимий портини аниқлаш учун қазиш ишларини бошлади.
Туркия Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги ташаббуси билан Докуз Эйлул университети Aдабиёт факультети музейшунослик кафедраси мудири проф. др. Ремзи Яғжи бошчилигида Соли Помпеиополис Қадимги портида қазиш ишлари олиб борилади. Иккинчи асрга оид 1800 йиллик Соли Помпеиополис қадимий порти Туркиянинг жанубидаги Мерсин шаҳрида жойлашган. Қазишмалар тахминан икки ой давом этиши кутилмоқда.
Қазишмаларнинг биринчи босқичи портнинг сув оқимини очишдан иборат. Лойиҳанинг якуний босқичида портнинг устунли кўча билан алоқаси очилиши кутилмоқда.
Ҳудуднинг Шарқий Ўрта Ер денгизининг энг катта портларидан бири бўлганини таъкидлаган проф. др. Ремзи Яғжи: «Бу буюк Помпей томонидан асос солинган шаҳарнинг порти. Соли Помпеиополис катта шаҳар эди ва порт муҳим иқтисодий фаолият кўрсаткичидир. Ҳудуднинг катта қисми ҳанузгача кўмилган бўлса-да, у Рим империясининг энг фаол портларидан бири бўлган. Бу йўл узоқ вақтдан бери бизнинг дастуримизда эди ва энди иш бошланди», – дея алоҳида таъкидлади.
«Улуғвор порт»
Ҳозирда қазиш гуруҳининг ғарбий сув оқими устида иш олиб бораётганини таъкидлаган проф. др. Яғжи: «Ҳозирда 160 метр узунликдаги майдон кўринмоқда. Портнинг умумий кўринадиган узунлиги 320 метр. Икки тўлқин орасидаги масофа 180 метр ва бу ерда йирик портларда ишлатиладиган гидравлик бетонлар мавжуд. Барча Рим портларини ўрганиш шуни кўрсатдики, Помпеиополис ва Италиядаги порт бир хил нисбатларга эга. Порт мустаҳкам икки қаватли тузилишга эга. Структуранинг версиясини шаҳар ташкил этилганининг 249 йиллиги муносабати билан зарб қилинган тангада кўриш мумкин. Тўлқинлар оғзида жойлашган ҳайкаллар бу ер ҳақиқатан ҳам ажойиб порт бўлганидан далолат беради. Aлбатта, портнинг очилиши ўрта муддатли эмас, балки узоқ муддатли лойиҳадир», – деди.
Портнинг иккинчи асрда тўлиқ қуриб битказилганига урғу берган проф. др. Яғжи: “Порт деярли икки минг йил аввал тўлиқ ишга туширилган. Портни устунли кўча билан боғлаш муҳим ҳисобланган. Ҳудуд қум билан тўлдирилганлиги учун бандаргоҳнинг деярли тўртдан уч қисми ҳозирда қум билан қопланган. Бундай вазиятда биз аввало тўлқинларни очиб, бу порт эканлигини жамоатчиликка кўрсатмоқчимиз”, – деди.
Соли Помпеиополис қадимий шаҳрининг тарихи.
Тарихий манбаларга кўра, Соли родийликлар томонидан асос солинган порт шаҳри бўлган. Бошқа Aнадолу шаҳарлари каби Соли ҳам кейинчалик форслар ҳукмронлиги остига ўтди, гарчи у ўз пулларини чиқариш ваколатига эга бўлган автоном шаҳар эди. Милоддан аввалги 333 йилда Искандар Зулқарнайн форсларни мағлуб этганида, минтақа эллинистик ҳукмронлиги остига ўтади.
Искандар вафотидан кейин ва унинг қўмондони Селевк ҳукмронлиги остида шаҳар ўзининг энг оғир даврини бошдан кечирди. Эллинларнинг қудрати камайиб кетганлиги сабабли, шаҳар қароқчилар ҳужумига дучор бўлди. Милоддан аввалги 67 йилда Рим саркардаси Помпей қароқчиларни мағлуб этиб, турли тартиблар билан шаҳарни қайта тиклади.
Рим императори Aдрианус 130-йилда шаҳарга ташриф буюрди ва порт қурилишига молиявий ёрдам кўрсатди. Византия даврида Қадимги Соли шаҳри диний жиҳати билан ажралиб турадиган епархия марказига айланди. 525 йилда Киликиядаги катта зилзила туфайли шаҳар ташлаб кетилган. Кейинчалик Липарис оқими томонидан олиб борилган аллювиал конлар собиқ шаҳарни қоплаган.
ХIХ аср европалик сайёҳларининг Мерсиндаги ёзувларида ҳам театр, некропол ва ҳаммом мавжудлиги қайд этилган.