Коллеж ва техникумларга кириш тест синовлари қачон ўтказилиши аниқ бўлди — Бизга қўшилинг: ???? https://t.me/joinchat/AAAAADwt0NGCRoONT4f1_Q
Ўзбекистондаги профессионал таълим муассасалари (коллеж ва техникум)га 2022/2023-ўқув йили учун кириш тест синовлари 3—8 октябрь кунлари 2 сменада ўтказилади. Бу ҳақда Давлат тест маркази хабар берди. Бунда тест синовлари: 1-сменада 09:00 дан 12:00 га қадар; 2-сменада 14:30 дан 17:30 га қадар бўлиб ўтади. Тест синови касб ва мутахассисликка мос 2 та фан ва барча тест топширувчилар учун мажбурий бўлган 3 та фан (она тили, математика, Ўзбекистон тарихи)дан ўтказилади. Унда талабгорларга мутахассислик фанларидан 30 тадан, мажбурий фанлардан 10 тадан жами 90 та тест топшириғи ва уларни ишлаш учун 3 соат вақт ажратилади. Тест синовларида тўплаш мумкин бўлган максимал балл — 189 балл бўлиб, ҳар бир тўғри жавоб учун: 1-мутахассислик фанида — 3,1 баллдан (жами 93 балл); 2-мутахассислик фанида — 2,1 баллдан (жами 63 балл); мажбурий фанларда — 1,1 баллдан (жами 33 балл) берилади. Талабгорлар тест синовида иштирок этиш учун рухсатномани Давлат тест марказининг my.dtm.uz сайтидан юклаб олишлари мумкин. Талабгорлардан тест синови ўтказиладиган ҳудудга белгиланган вақтдан камида 1 соат олдин шахсини тасдиқловчи ҳужжат ва тест синовида иштирок этиш учун рухсатнома билан келишлари сўралади.