Арманистон Озарбайжонни ҳарбий асирларни қийноққа солиш ва қатл қилишда айблади
Арманистон Ташқи ишлар вазирлиги Озарбайжонни ҳарбий асирларни қийноққа солиш, қатл қилиш ва қабрларни вайрон этишда айблади. Халқаро ҳуқуқда бу каби ҳаракатлар ҳарбий жиноят сифатида кўрилади. Ереван шу муносабат билан Европа судига ва БМТ халқаро судига мурожаат қилганини билдирди.
"Озарбайжонлик ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан изчиллик билан тарқатилаётган қатор видеороликлар Озарбайжон қуролли кучларининг ҳарбий жиноятларига гувоҳлик бермоқда”, дейилади Арманистон баёнотида.
2 октябрь куни Арманистон омбудсвумени Кристина Григорян экспертлар Озарбайжон билан чегарадаги вазият кескинлашгани ортидан асирга олинган 7-8 нафар арман аскарининг судсиз қатл қилиниши акс этган видеонинг сохта эмаслигини тасдиқлашганини айтди. Арманистон баёнотида қайд этилишича, бу воқеа 13 сентябрда содир этилгани ҳам аниқланган.
Аввалроқ ижтимоий тармоқларда 36 ёшли арман ҳарбий аёлининг жасади кўрсатилган видео тарқалган эди. Бу аёл асирга олинганидан сўнг зўрлангани, шундан сўнг унинг кўзлари ўйилиб, панжалари чопиб ташлангани, кўкрагига эса Озарбайжон махсус отряди номи “Яшма” ўйиб ёзилгани хабар қилинган. Арманистон қуролли кучлари Бош штаби бошлиғи Эдуард Асрян бу воқеа 16 сентябрда содир этилгани аниқланганини билдирган.
Озодлик радиоси Озарбайжон хизмати Бокунинг бу хабарларга муносабати акс этган баёнотдан иқтибос келтирган. Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги арман томони баёнотини “иккиюзламачиликнинг намунаси” деб баҳолаган ва Арманистоннинг ўзини ҳарбий жиноятларни содир этишда айблади. Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларнинг ҳақиқийлигини ҳарбий прокуратура ўрганаётгани айтилган.