Теҳрондаги «Эвин» қамоқхонаси ёниб кетди. Қурбонлар бор
Камида тўрт маҳбус Теҳрондаги «Эвин» қамоқхонасида содир бўлган ёнғин қурбони бўлди, улар орасида сиёсий маҳбуслар, мухолифат фаоллари ва икки фуқароликка эга шахслар ҳам бор, деб хабар бермоқда «Aл Aрабия».
Маҳаллий матбуотнинг ёзишича, қурбонлар тутундан заҳарланган. Яна 61 киши жароҳатланган. Ўн нафар жабрланувчи касалхонага ётқизилган.
Фавқулодда хизматлар қамоқхонадаги ёнғинни бир неча соат ичида ўчиришга муваффақ бўлди. Теҳрон губернатори Моҳсин Мансурийнинг айтишича, ёнғинга қамоқхонанинг тикувчилик устахонасида маҳбуслар ўртасидаги жанжал сабаб бўлган. Тўполон пайтида маҳбуслар кўплаб қамоқ кийимлари тўплами бўлган устахонага ўт қўйишди. Ўз навбатида Теҳрон прокурори Aли Солиҳий қамоқхонада тартиб ўрнатилганини айтди.