Теҳронда сиёсий маҳкумлар ва ажнабийлар сақланаётган қамоқхонада ёнғин юз берди
Якшанбага ўтар кечаси Теҳрондаги сиёсий маҳкумлар ва диссидентлар сақланадиган Эвин қамоқхонасида йирик ёнғин содир бўлди. Ёнғин сабаби маълум эмас. Эрон ОАВлари вазият назоратда эканини хабар қилган. Бироқ воқеа гувоҳлари ижтимоий тармоқларда ёйинлаётган видеоларда нафақат ёнғин тревогаси, балки ўқ овозлари ҳам эшитилади.
Теҳрондаги Эвин қамоқхонаси сиёсий тутқунлар – жамоат фаоллари, журналистлар, шунингдек чет эл фуқаролари сақланадиган жой ўлароқ танилган.
Ҳукумат назоратидаги журналистлар маҳкумлар ғалаён кўтариб, қамоқхонага ўт қўйганини хабар қилган. Таъкидланишича, ғалаёнчилар сиёсий маҳкумлар эмас, балки майда жиноятлар учун судланганлардир.
Ёнғин якшанба куни эрталаб ўчирилган. Расмийлар ёнғин чоғида тўрт маҳкум ўлганини ва 61 маҳкум жабрланганини билдирган.
Ижтимоий тармоқларда эълон қилинган айрим фотосуратларда маҳкумлар алангадан қочиб, бино томига чиқиб олишгани акс этган. Шунингдек, хабарларда қамоқхона биносига нафақат ўт ўчирувчилар, балки полиция “спецнази” ҳам йўллангани айтилади.
Теҳрондаги Эвин қамоқхонаси БМТ ва инсон ҳақлари ташкилотлари ҳисоботларида Эрон ҳукумати жосусликда айблаган сиёсий фаоллар ва чет элликлар куч билан тутиб туриладиган жой ўлароқ бир неча бор тилга олинган. Шунингдек, мазкур қамоқхонада маҳкумларга шафқатсиз муносабатда бўлиниши ҳақида маълумотлар бор.