«Мардикор бозорида ўтириб, сценарий ёзиб турардим» — Шаҳбоз Сатторов
Блогер Шахбоз Сатторов You Tube’даги «Yashin Tv» лойиҳасига берган интервьюсида бугунги кунга етиб келиши осон бўлмагани ҳақида гапирди. У Тошкентга келиб, иш топиб ишлари юришиб кетишига ишонганини, лекин мойкада ҳам ишлай олмай кетиб қолгани ҳақида айтди.
«Бухородан вокзалга келиб тушганимда, бир автобусга ўтириб, биринчи Тошкентни томоша қилганман. Киноларда кўргандим, дарахтларда эълонлар ёпиштирилиб қўйиши ва мен ҳам келсам иш топиб, зўр бўлиб кетаман деб ўйлаганман. Ёлғон экан, буни кейин билдим. Айланиб-айланиб Зангиота тумани томонларга бориб тушдим, кейин мойкага кўзим тушди. Шу жойга бориб, мени ишга олишларини сўрадим. Улар олдин ҳам мойкада ишлаганимни сўрашди. Мен эса улардан синов беришларини илтимос қилдим. У ернинг ўзида ётоқ жойнинг борлиги менга жуда маъқул келди. Ўн беш кунча ишладим лекин иши жуда қийин эканлиги сабаб кетиб юбордим», — дейди блогер.
Шахбос Сатторов ўз севган касбига етишиш учун кўплаб қийинчиликларни бошидан кечирганини айтади. Унинг айтишича, ҳатто мардикорлик қилишига ҳам тўғри келган.
«Паркент деҳқон бозорида мардикор бозори бор, ўш ерда икки ойча ишлаганман. Ва буни ҳеч кимга билдирмасдим. Мардикор бозорида ишлаб туриб, ҳар ҳафтада ‘Zo’r Tv’ га борардим. Мардикор бозорида туриб ҳам сценарий ёзардим. ‘Эртага боришим керак, қанақа чиқиш қилсам экан’ деб ўйлардим ҳатто»,—дейди Шаҳбоз Сатторов.