Навоийда 2 гектар ерни 200 минг долларга сотмоқчи бўлганлар ушланди
Навоийда вилоят ҳокимлиги томонидан иссиқхона қуриш учун ажратилган 2 гектар ерни 200 минг долларга сотмоқчи бўлганлар ушланди.
Қайд этилишича, вилоят Ички ишлар бошқармаси Жиноят қидирув бошқармаси коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими ер ресурсларини талон-торож қилинишига қарши курашиш бўлинмаси ва вилоят прокуратураси ҳамда Давлат хавфсизлиги хизмати вилоят бошқармаси тезкор ходимлари ҳамроҳлигида тезкор тадбир ўтказилган.
Тадбир давомида норасмий маклер ёрдамида топилган харидорга гумонланувчилардан бирининг ўғли номига ҳоким томонидан иссиқхона қуриш мақсадида расмийлаштириб берилган 2 гектар ер майдонини 200 минг доллар эвазига сомоқчи бўлган 3 нафар фуқаро қўлга олинган. Амалда уларнинг ҳеч бирида сотиш ҳуқуқи бўлмаган.
Шунингдек, улар харидорнинг қурувчи ташкилот раҳбари эканини ҳисобга олган ҳолда мазкур ердан наъмунали уй-жойлар қуришни расмийлаштиришда ёрдам беришлари эвазига 20 минг доллар талаб қилган. Улар савдо комплекси ва хизмат кўрсатиш объектида раҳбар бўлиб ишлаб келгани маълум қилинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жинойт иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани таъкидланган.