«Хонликлар даври ўзбек миллий либоси тарихи» Нодир тарихий фактларга эга китоб нашрдан чиқди
«Хонликлар даври ўзбек миллий либоси тарихи» деб номланувчи мазкур китоб илмий изланувчилар учун аниқ манзилли маълумотларни ўз ичига қамраб олган.
Китобнинг яна бир аҳамиятли жиҳатларидан бири шундаки, унда учта хонлик даврида яшаган қорақалпоқ халқининг кийиниш маданияти ҳам алоҳида манбалар асосида ёритилган. Бу ҳақда Туризм ва маданий мерос вазирлиги хабар берди.
Қайд этилганидек, бугунги кунда Ўзбекистонгакелаётган хорижлик сайёҳлар биринчи навбатда туб аҳолининг миллий анъаналари ва қадрятлари билан қизиққан ҳолда кийиниш маданияти тарихини ҳам ўрганишади. Айни шулар билан сайёҳларни яқинидан таништириш мақсадида «Хонликлар даври ўзбек миллий либоси тарихи» қўлланма китоби нашрдан чиқарилди.
Муаллиф Малика Қўзиева томонидан нашр этилган ушбу китобда, асосан, Қўқон хонлиги, Хива хонлиги ҳамда Бухоро амирлиги даврида Марказий Осиё ҳудудларида яшовчи туб аҳолининг қандай кийиниш маданиятига эга бўлганлиги ва уларнинг ўртасидаги ўзаро фарқли жиҳатлар ҳақида батафсил маълумот берилган.
Асарнинг бугунги кун учун долзарблиги шундаки, кейинги пайтларда аҳолининг яшаш тарзидаги яқинликлари ҳамда алмашинувлари натижасида қоришиб кетаётган кийиниш маданиятининг аслида қандай кўринишда ва қандай келиб чиққани асосини аниқ мисолларда далиллаб беради. Шунингдек, ушбу қўлланма мамлакат туризмининг кенг тарғиб қилинишида хизмат кўрсатаётган йўлбошловчи – гидлар учун асосий манба сифатида нодир тарихий фактларни ўзида бирлаштирган.