Навоийдаги “заправка”ларнинг бирида Damas автомобили ёниб кетди
Навоий вилоятидаги метан “заправка”да Damas автомобили ёниб кетди. Бу ҳақда “Замон” информацион дастурида хабар берилди.
Хабарда айтилишича, воқеа жорий йилнинг 16 декабрь куни соат 19:25 да Учқудуқ туманидаги метан “заправка”ларнинг бирида юз берган.
Туман электр тармоқлари корхонасига тегишли Damas’га ҳайдовчи газ тўлдириб, чиқиб кетаётганида машинада тўсатдан ёнғин келиб чиққан.
Дастлабки ўрганишларга кўра, ёнғинга машинанинг техник носозлиги сабаб бўлган. Ёнғин ўт ўчирувчилар ва “заправка” ходимлари ёрдамида ўчирилган.