Бишкекда “Ўзбекистон–Қирғизистон–Хитой” темир йўли қурилиши бўйича лойиҳа офиси очилади
Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида “Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой” темир йўли қурилиши бўйича лойиҳа офиси ташкил этилади. Бу ҳақда Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати ўтган ҳафта охирида маълумот тарқатди.
Мирзиёевга темир йўл соҳасидаги йирик халқаро лойиҳаларнинг амалдаги ҳолати юзасидан ахборот берилгани айтилган хабарномада улардан бири 454 километрлик “Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой” темир йўли қурилиши эканига эътибор қаратилган.
Бишкекда ташкил этилажак лойиҳа офиси масаласига тўхталинар экан, лойиҳани бошқариш услуби ва тартиби муҳокама қилиниши, бу борада халқаро молия ташкилотлари билан музокаралар ўтказилади, 1 июнгача лойиҳанинг техник-иқтисодий асосини тайёрлаш режалаштирилгани қайд этилган.
Аввалроқ мазкур лойиҳа бўйича Хитойнинг “Биринчи лойиҳа-тадқиқот институти” томонидан дала тадқиқот ишлари олиб борилгани, тез орада лойиҳанинг техник-иқтисодий асосламаси 2023 йилнинг апрелида тайёр бўлиши ва Ўзбекистон билан Қирғизистонга тақдим этилиши хабар қилинган эди.
Сентябрь ойида Самарқандда ўтган ШҲТ саммитида Ўзбекистон, Қирғзистон ва Хитой темир йўлни қуриш тўғрисидаги уч томонлама шартномани имзолаганди. Шартномага асосан темир йўл “Тўруғарт-Арпа-Мақмал-Жалолобод” йўналиши орқали Ўзбекистонга ўтиши керак.
Аввалроқ қурилишнинг дастлабки босқичида Қирғизистон 20 фоиз, иккинчи босқичида 10 фоиз, Ўзбекистон 30 фоиз, учинчи босқичида Хитой 30 фоиз, тўртинчи босқичда эса ҳар бир мамлакат ўзаро тенг маблағ ажратиши қайд этилган. Бироқ ТИА қиймати ҳали очиқланган эмас.
Қирғизистон Вазирлар маҳкамаси раиси Ақилбек Жапаров олдинроқ темир йўл қурилиши қиймати 6 миллиард долларга баҳоланаётганини билдирган.