Бухородан Тошкентга келаётган «Афросиёб» поезди тўхтаб қолди
Бухоро—Тошкент йўналишидаги «Афросиёб» тезюрар поезди носозлик сабаб Чинозда тўхтаб қолди. Бу ҳақда «Ўзбекистон темир йўллари» матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, 2023 йил 1 январь куни Бухоро—Тошкент йўналишидаги 769-сонли «Афросиёб» юқори тезликда ҳаркатланувчи электропоезди электр кучланишли сим тармоғидаги носозлик сабабли Янги Чиноз—Чиноз перегон оралиғида тўхтаб қолган.
Йўловчиларни манзилга хавфсиз етказиб келиш мақсадида 20:35 да Тошкент Шимолий вокзалидан захира «Афросиёб» электрпоезди жўнатилган ва ушбу поезд Чиноз бекатига 21:05 етиб борган. 269 нафар йўловчи захира поездига хавфсиз ўтказилган ва поезд Тошкент-Марказий вокзалига 22:05да етиб келган.
«Йўловчиларга йўл давомида қўшимча иссиқ чой-кофе ва озиқ-овқат бепул тарқатилди. 269 нафар йўловчига чипта нархи тўлиқ қайтариб берилади» — дейилади хабарда.