Филиппинда тошқин қурбонлари 50 нафардан ошди
Филиппин давлатида юз берган сув тошқини оқибатида 50 дан зиёд киши ҳалок бўлган, тақдири номаълум инсонларни қидириш давом этяпти.
«РИА Новости» хабарига кўра, мазкур табиий офат туфайли ҳаётдан кўз юмгани аниқланганлар рўйхатида ҳозирча 51 фуқаронинг номи қайд этилган. Ҳукуматдаги манбага таяниб, 19 инсон бедараклиги айтилган.
Аввалроқ 44 нафар қурбон ҳақида маълум қилинганди. Филиппинда сув тошиши натижасида 4,5 минг хонадон зарар кўрган, сел йўлидан чиққан уйларнинг 843 таси бутунлай яроқсиз ҳолга келди.
Ахборотда келтирилишича, бахтсиз ҳодисадан энг кўп мамлакат жанубидаги Шимолий Минданао минтақаси зарар кўрган. Бедарак йўқолганлар орасида қайиғи ағдарилиб кетган балиқчилар ҳам бор.
Шу кунларда Филиппиннинг шарқий, марказий ва жанубий қисмида сув тошқинлари кузатилмоқда. Айни пайт жами 22 шаҳар ва муниципалитетда фақулодда ҳолат эълон қилинган. Бир неча туманда энергия ва сув таъминоти билан боғлиқ узилиш кузатилди.
Жабрланган ҳудудлар аҳолисига давлат томонидан озиқ-овқат, энг зарур буюм ва маҳсулотлар етказиб бериляпти.