Қирғизистонда давлат тадбирларида фонограмма остида куйлаш тақиқланди
Қирғизистонда 2023 йилдан эътиборан давлат ва оммавий тадбирларда фонограмма остида қўшиқ ижро этишга тақиқ жорий этилди. Бунга оид буйруқ, Озодликнинг қирғиз хизмати хабарига кўра, маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазири Алтинбек Мақсутов томонидан имзоланган.
Мазкур ҳужжатга мувофиқ, хонандаларга театр, кинозал, музей, клуб, кутубхона ва спорт муассасалари ҳудудида фонограмма остида чиқиш қилиш ман қилинган.
Вазирлик қайдича, ушбу буйруққа риоя қилинмаган тақдирда тадбир учун жавобгар бўлган жой раҳбарлари жавобгарликка тортилади.
Қирғизистонда фонограмма остида куйлашни тақиқлашга оид масала бир неча йилдан бери муҳокама этиб келинаётган эди. Айримлар фонограммадан фойдаланишни тўла тақиқлашни талаб қилган бўлсалар, бошқалар товуш сифатли бўлиши учун бунга рухсат берилиши лозимлигини таъкидлаб келишган.