Алимент тўламай келаётган отага жиноий иш қўзғатилди
Президентимизнинг “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини янги босқичга кўтариш ҳамда аёлларнинг жамиятдаги ўрнини янада ошириш” мавзусида 2022 йил 1 мартда ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлардан келиб чиққан ҳолда, Мажбурий ижро бюроси томонидан тизимли ишлар ташкил қилиб келинмоқда.
Хусусан, Бюро директори томонидан жорий йилнинг 6-15 январь кунлари Самарқанд вилоятида қарздорлардан алимент ундириш бўйича “Долзарб ўн кунлик” деб эълон қилинган.
Бунда, жамиятимиз учун муҳим ҳисобланган вояга етмаганларнинг ҳуқуқ-манфаатларини ҳимоялаш, Бюро органлари олдидаги долзарб вазифа бўлган алимент ундирувлари йўналишида мавжуд алимент қарздорликларни “давлат ижрочиси-туман-вилоят” кесимида ундирлишини таъминлаш, энг кўп мурожаат қилаётган фуқаролар билан учрашувлар ўтказиш, Бюронинг марказий аппарати томонидан таҳлил асосида юборилган камчиликларни зудлик билан бартараф этиш, амалга оширилган ишлар юзасидан кенг қамровли тарғибот-ташвиқот ишларини жадаллаштириш белгилаб берилган.
Айрим ҳолатларда йиллар давомида алимент олмаган мурожаатчилар учраб туради. Уларга нисбатан кескин чора кўришни сўрайди. Қонунчилигимизда эса нисбатан тегишли чоралар белгилаб қўйилган.
Жумладан, қарздор Д.А. 2021 йил сентябрь ойидан 2022 йил июнь ойига қадар бўлган даврда жами 9 млн. 335 минг сўм алимент пулидан бўлган қарздорликни тўлаб беришдан қасддан бўйин товлаб келганлиги учун 2022 йил 7 июнь куни жиноят ишлари бўйича Жомбой туман суди томонидан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 47(4)-моддаси 1-қисми билан айблидеб топилиб, унга тайинланган 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси берилган.
Жазони ўтаб чиқиб, бундан ўзига тегишли хулоса чиқармасдан икки нафар вояга етмаган фарзандларининг моддий таъминотлари учун алимент пулларини ҳам қасддан тўламасдан келиб, моддий таъминлашдан бўйин товлашда ифодаланган жиноятни қасддан содир қилган.
Мазкур ҳолат бўйича қарздор А.Д.га нисбатан 2023 йил 6 январь
куни Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 122-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда Бюронинг вилоят бошқармаси суриштирув ва маъмурий амалиёт шўъбаси томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Азамат МИРШАЕВ,
Бюронинг Самарқанд вилоят бошқармаси суриштирувчиси.