Назарбоев «халқ отаси»фахрий унвонидан маҳрум қилиниши мумкин
Нурсултон Назарбоев энди Элбоши эмас, қоғистонликлар мамлакат собиқ президентини «халқ отаси» фахрий унвонидан маҳрум қилишмоқчи, деб ёзмоқда РБК нашри Tengri News’га таяниб.
2010 йилда Назарбоевга Элбоши (яъни миллат етакчиси) фахрий унвони берилган эди. Конституциявий қонунга кўра, мамлакат ҳокимияти ҳали ҳам ички ва ташқи сиёсатнинг асосий йўналишларини у билан мувофиқлаштириши шарт.
Қозоғистон конституциясига киритилган ўзгартиришлардан сўнг, Нурсултон Назарбоев мамлакатнинг биринчи президенти тўғрисидаги конституциявий қонунга кўра, ўзига берилган шахсий имтиёзларнинг катта қисмидан маҳрум бўлади. Бу ҳақда парламент қуйи палатаси спикери Ерлан Кошанов маълум қилди, дея Tengri News‘нинг хабаридан иқтибос келтирмоқда нашр.
Кошановнинг сўзларига кўра, Конституциявий кенгаш ҳозир Конституцияга ўзгартиришлар киритиш масаласини кўриб чиқмоқда, улар қабул қилингандан сўнг Қозоғистоннинг биринчи президенти ҳақидаги қонун бекор қилинади.
“Ўзгартиришлар Элбоши мақомини истисно қилади. Назарбоевнинг давлат асосчиси сифатидаги роли Конституцияда сақланиб қолган. Бу норма қабул қилингандан сўнг биринчи президент тўғрисидаги конституциявий қонун ҳам ўз кучини йўқотади”, — деди у мажлис чоғида.
“Конституцияда собиқ президентлар ҳақида қоида бор, бу қоида сақланиб қолади ва мамлакатнинг биринчи президентига нисбатан ҳам қўлланилади. <…> Нурсултон Назарбоев собиқ президентлар тўғрисидаги қонун доирасида давлат томонидан қўллаб-қувватланади, пенсия олади, шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилинади”, — деди Кошанов.
Шу билан бирга, у Конституцияга киритилган ўзгартиришлар қандай қабул қилиниши – референдум ёки парламент қарори бўйича ҳозирча қарор йўқлигини таъкидлаган.
Аввалроқ, мамлакат Асосий қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича ишчи гуруҳ аъзоси Эрмек Абдрасулов гуруҳ биринчи президент тўғрисидаги алоҳида конституциявий қонундан воз кечиш, Конституцияда унинг мақомини белгилашга қарор қилганини маълум қилганди. Унга кўра, Назарбоев Асосий қонун матнида мустақил давлат асосчиси сифатида қолади.