Собиқ Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди
Фуқаро мурожаати асосида собиқ Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги мансабдор шахсларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан ўрганиш ўтказилди ҳамда бир қатор хато ва камчиликлар аниқланди. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги матбуот хизмати хабар қилди.
Жумладан, 2019 йилда Италиянинг Педилуко шаҳрида академик эшкак эшиш бўйича ўтказилган турнир ҳамда ўқув йиғини машғулоти учун сарфланган 334,0 млн сўм, 20 680 евро ва 1500 АҚШ доллари миқдоридаги маблағларни тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд эмаслиги маълум бўлди.
Шунингдек, 2020 йилда буджет маблағлари ҳисобидан жами 2,9 млрд сўмлик 6 та шартнома бўйича сотиб олинган жиҳозларнинг фойдаланиш учун тарқатилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд эмаслиги аниқланди.
Шу ва бошқа бир қатор ҳолатлар бўйича тўпланган ҳужжатлар қонуний баҳо бериш учун Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига юборилди.
Аниқланган ҳолатлар юзасидан терговга қадар текшириш ўтказилиб, натижаси бўйича прокуратура идоралари томонидан Жиноят Кодексининг 167-моддаси 3-қисми, “а” банди ва бошқа моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.