Афғонистонда аномал совуқ туфайли камида 16 киши нобуд бўлди
Афғонистонда ўтган ҳафтадан бери кузатилаётган аномал совуқ оқибатида камида 16 киши қурбон бўлган. Бу ҳақда Толибон шакллантирган ҳукуматнинг Табиий офатларга қарши кураш вазирлиги хавф-хатарларни камайтириш бўлими бошлиғи Жан Сайек маълум қилган.
Мулозимнинг билдиришича, совуқ туфайли 3-4 минг бош атрофида қорамол нобуд бўлган. Совуқдан айниқса мамлакатнинг Бодгис, Фарёб, Нимрўз, Ғазна ва Жузжон вилоятлари энг кўп жабр кўргани айтилмоқда.
Ижтимоий тармоқларда фойдаланувчилар совуқ кучайиши ортидан Афғонистоннинг турли ҳудудларида ҳам катталар, ҳам болалар орасида хасталик ва ўлим ҳолатлари кўпайтгани ҳақида ёзишяпти ҳамда аномал совуқдан жабр кўрганлар сони Толибон вакиллари очиқлаётганидан анча кўп бўлиши мумкинлиги ҳақидаги тахминларни илгари суришяпти.
Марказий Осиё минтақасига Россия ҳудудидан ўтган ҳафта кириб келган арктик циклон нисбатан илиқ ўлкалар бўлган Қозоғистон, Туркманистон, Тожикистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Эрон, Афғонистон ва бошқа мамлакатларни қамраб олган. Бунинг ортидан мазкур мамлакатларнинг кўпида энергетик коллапс юзага келиб, коммунал хизматлар ишлари ва таъминот масаласида муаммолар пайдо бўлган.
Афғонистондаги ҳозирги вазият гуманитар фалокатнинг барча аломатларига эга. Қаҳратон, дори-дармон йўқлиги ва очлик манзарасида мамлакатдаги ишсизлик ҳамда толиблар томонидан инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг кескин чекланиши вазиятни янада ёмонлашувига олиб келмоқда.