Жиззахда рулда ухлаб қолган автобус ҳайдовчиси еттита машинани уриб кетди
Жорий йилнинг 17 январь оқшомида Жиззах шаҳрининг “Мустақиллик” шоҳкўчасида “Жиззах автотранс сервис” МЧЖга қарашли ANKAI русумли йўловчи ташувчи автобуси иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.
ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати маълумотига кўра, автоҳалокатга автобус ҳайдовчисининг рулда ухлаб қолгани сабаб бўлган. Натижада у JizzaxPlasTex корхонаси олдидаги заправкада навбатда турган учта Nexia-2, биттадан Damas, Cobalt, Nexia-3 ва Lacetti машиналарига шикаст етказган.
Ҳодиса ортидан жароҳат олган Damas ҳайдовчиси А.Қ.га биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган ва амбулатор тартибда даволаниш учун яшаш манзилига юборилган.
ЙҲТ юзасидан Жиззах вилояти ИИБ ЖХХ ЙҲХБ ходимлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилаётгани билдирилган.