Тошкентда қурилиш фирмасида ишлаган 20 нафар ишчи овқатдан заҳарланди
Тошкент шаҳридаги қурилиш фирмаларидан бирида ишлайдиган ишчиларнинг 20 нафари овқатдан заҳарланиш оқибатида Республика ихтисослаштирилган эпидемиология, микробиология ва паразитар касалликлар илмий-амалий тиббиёт марказига олиб борилган. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати матбуот хизмати маълумот тарқатди.
Санэпидхизмат беморларга бирламчи тиббий ёрдам кўрсатилгани, ҳозирда уларнинг аҳволи қониқарли экани билдирилган.
Хабарномада ишчилари заҳарланган қурилиш фирмасининг номи келтирилмаган, шунингдек, ишчилар заҳарланишига сабаб бўлган овқат қаерда тайёрланганига ҳам аниқлик киритилган эмас.
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ўзбекистонликларга сифати ва хавфсизлиги кафолатланмаган маҳсулотларни истеъмол қилмаслик, истеъмол учун мўлжалланган таомларни тайёрлаш ва сақлашда санитария-гигиена қоидаларига амал қилишни тавсия қилган.