Қирғизистон: Маданият вазирлиги судга “Азаттиқ Медиа” фаолиятини тўхтатишга оид даъво аризасини топширди
Қирғизистон Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазирлиги “Азаттиқ Медиа” муассасасининг оммавий ахборот воситаси сифатида фаолиятини тўхтатиш тўғрисидаги даъво аризаси билан Бишкек шаҳрининг Ленин тумани судига мурожаат қилган. Озодликнинг қирғиз хизмати хабарида айтилишича, таҳририятга йўлланган билдириш хатида вазирликнинг судга қачон мурожаат кўрсатилган эмас.
Вазирлик аризасида қирғиз-тожик чегарасидаги тўқнашув тўғрисидаги видеоматериал сайтдан олиб ташланмагани ва ижтимоий тармоқларда ҳамон тарқалаётгани қайд этилган. Аризачилар фикрича, “Азаттиқ Медиа” хатти-ҳаракатлари “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонунга зид келади, унинг 23-моддасига мувофиқ, уруш, зўравонлик ва шафқатсизлик, миллий, диний айирмачилик ҳамда бошқа халқ ва миллатларга тоқатсизлик тарғиботига йўл қўйилмайди.
Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазирлиги 2022 йилнинг 26 октябрь куни Озодлик сайтларини блокировка қилишга оид қарор қабул қилган эди. 31 октябрь куни “Азаттиқ Медиа”нинг “Демирбанк”даги ҳисобрақами огоҳлантиришсиз музлатиб қўйилган. Ундан олдин эса “Биринчи радио” техник сабабларни баҳона қилиб, “Азаттиқ” эшиттиришларини эфирга узатишни тўхтатган. 13 ноябрь куни эса НТС ҳам Озодлик эшиттиришларини трансляция қилишни тўхтатиб қўйган.
Ўтган йилнинг 26 декабрида “Азаттиқ Медиа” учун чеклов муддати узайтирилгани маълум бўлган. Вазирлик бу чора блокировкага сабаб бўлган материал сайтдан ўчириб ташланмагунича амалда бўлишини билдирган.
Озодлик иккала сайти блокировка қилинганининг илк кунидан бошлаб вазирлик қабул қилган қарордан норози эканини қайд этиб, қарорнинг ноқонунийлигини исботлашга уриниб келмоқда. Аввалроқ муассаса вазирликка қабул қилинган қарорни бекор қилиш илтимоси билан маъмурий шикоят йўллаган, бироқ вазирлик мазкур илтимосни рад этган.
RFE/RL президенти Жейми Флай “Азаттиқ” ишончли ахборот манбаси бўлиб ҳисобланишини, унинг тўсиқсиз фаолият юритиши учун шарт-шароит яратилиши лозимлигини қайд этган. У “Азаттиқ” вазирлик қарорини бекор қилиниши учун ҳаракатини давом эттириши лозимлигини билдирган.
“Азаттиқ” адвокатлари Маданият вазирлиги қарорини бекор қилдириш учун Бишкекнинг Биринчи май туман судига мурожаат қилган. Мазкур иш бўйича суднинг илк мажлиси 2023 йилнинг 26 январига белгиланган.
Можаро ортидан қатор халқаро ташкилотлар Қирғизистон расмийларини “Азаттиқ” сайтлари ва банк ҳисобрақамларидан блокировкани олиб ташлашга чақиришган. Human Rights Watch, Журналистлар ҳимоя қилиш (CPJ) ташкилотлари ҳамда Европа Иттифоқининг инсон ҳуқуқлари бўйича махсус вакили Имор Гилмор қирғиз расмийларини сўз эркинлигини ҳимоя қилиш бўйича ўз халқаро мажбуриятларига риоя қилишга чақирган. Бу каби мурожаатлар АҚШ, Британия, Германия, Франция ва Европа Иттифоқи элчилари томонидан ҳам йўлланган.