Президент пойтахтда энергетика ва транспорт масалалари юзасидан йиғилиш ўтказди
Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрида энергетика ва транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, маҳаллаларни обод қилиш ва аҳоли бандлигини ошириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.
Йиғилишда даставвал энергетика масалаларига эътибор қаратилган. Бу борадаги қўшимча манбалардан бири қайта тикланувчи энергия экани, Тошкент шаҳрида камида 2 минг мегаваттга яқин қувватли қуёш панелларини ўрнатиш мумкинлиги қайд этилган.
Хусусан, кўп қаватли уйлар, ижтимоий объектлар ва бошқа биноларнинг том қисми, саноат зоналари, автотураргоҳ ва йирик сув иншоотлари ҳудудини қамраб олиш мумкин. Бу чоралар кўрилса, ҳисоб-китобларга кўра, 2023 йилда кутилаётган 240 миллион киловатт соатлик қўшимча талабни 4 баравар ортиғи билан, яъни 1 миллиард 80 миллион киловатт соат ҳажмда таъминлаш имконияти пайдо бўлади.
Президент электр ишлаб чиқаришда давлат монополиясидан кетиб, рақобатли муҳит жорий қилиш зарурлигини таъкидлади. Жумладан, давлат панель ўрнатган тадбиркорлардан электрни кафолатли сотиб олади. Кейинги йилдан эса бошқа истеъмолчиларга ҳам сотиши мумкин бўлади. Аҳоли ўз хонадонида панель ўрнатса, эҳтиёжидан ортиқ тармоққа сотган электр энергиясининг ҳар бир киловатти 1 минг сўмдан сотиб олинади.
Шу боис, саноат зоналари ва йирик корхоналарда 400 миллион киловатт соатлик қуёш панеллари ўрнатиш, Юқоричирчиқ туманида 500 мегаваттли қуёш электр станциясини қуриш чоралари белгиланди. Ижтимоий соҳа ва давлат идоралари биноларида ҳам қуёш панеллари ўрнатиш, саноат корхоналарида электр йўқотишларини камайтириш, магистрал иссиқлик тармоқлари ва 1 минг 817 та кўп қаватли уйнинг ички иситиш тизимини янгилаш бўйича топшириқлар берилган.
Умуман, шаҳарда қайта тикланувчи энергия жорий қилиш учун 1 миллиард доллар йўналтирилади.
Йиғилишда 2023 йилда пойтахтда аҳоли бандлигини таъминлаш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Янги иш ўринларини яратиш бўйича улкан марраларга эришишда тадбиркорларга таяниш, уларни қўллаб-қувватлаш лозимлиги таъкидланган.
Жумладан, бу йил Тошкент шаҳрида хизматлар соҳасини ривожлантириш учун 20 триллион сўм кредит йўналтирилади, оилавий тадбиркорлик учун 300 миллиард сўм имтиёзли кредитлар ажратилади.
Шаҳар маҳаллаларида ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини яхшилаш учун 1,4 триллион сўм, шунингдек, “Ташаббусли бюджет” доирасида 573 миллиард сўм йўналтирилиши қайд этилди.
Президент маҳаллаларни обод қилиш, йўллар ва сув иншоотларини таъмирлаш масалаларига ҳам тўхталди. Шунинг учун шаҳардаги 584 та маҳалланинг ҳар бирига бюджетдан қўшимча 1 миллиард сўмдан, жами яна 584 миллиард сўм ажратишга қарор қилинди.
Йиғилишда жамоат транспорти соҳасига яна бир бор эътибор қаратилди. Йўловчиларга қулайликларни ошириш мақсадида 1 апрелга қадар қўшимча мингта автобус олиб келиниб, 25 та кўчада автобуслар учун алоҳида йўлаклар ташкил этилиши, светофорларни йўловчи оқимига қараб бошқариш, автотураргоҳлар ва паркоматлар ташкил қилиниши айтилди.
Давлат раҳбари қурилишга рухсат берилганда, мавжуд инфратузилмага юклама бўйича аниқ ҳисоб-китоб қилинмаётгани, яшил майдонлар ташкил қилиш ишлари қурилишлар билан ҳамоҳанг олиб борилмаётганини танқид қилди. Шу боис, шаҳарнинг бош режаси тасдиқланмагунча янги қурилишларга мораторий эълон қилинади.
2023 йилда Тошкент шаҳрининг яшиллик даражасини 28 фоизга етказиш вазифаси қўйилди. Шу мақсадда 100 гектар майдонда боғ ташкил қилиниб, “Тошкент яшил белбоғи” лойиҳаси бошланиши айтилди.
Пойтахтда чиқинди билан ишлаш ҳам қониқарсиз экани кўрсатиб ўтилди. “Махсустранс” фаолиятини ислоҳ қилиш, чиқиндиларни қайта ишлаш даражасини 50 фоизга етказиш вазифаси қўйилди.
Йиғилиш якунида шаҳар раҳбарияти ва туманлар ҳокимларининг ҳисоботи тингланди.
Шунингдек, Тошкент шаҳрида хизматларни ривожлантириш ва аҳоли бандлигини ошириш режалари тақдимоти ўтказилди.