“Чуқурсой” постида тўловларни четлаб ўтишга бўлган уринишлар фош бўлди
Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг “Чуқурсой” техник идора божхона постига юртимиздаги масъулияти чекланган жамиятлардан бирининг номига келтирилган товарлар белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар божхона бошқармаси Ахборот хизмати хабар берди.
Натижада юклар орасида ҳужжатларда кўрсатилмаган умумий қиймати 1,5 млрд. сўмлик 5 турдаги 12,5 тонна соч тўғноғичлари борлиги аниқланди.
Шунингдек, “Чуқурсой” ТИФ божхона постида аниқланган навбатдаги ҳолатда эса, эркин муомалага чиқариш божхона режимига расмийлаштириш учун тақдим этилган ҳужжатларга асосан автотранспорт эҳтиёт қисмлари товарлари божхона кўригидан ўтказилди.
Натижада, божхона юк декларациясида автомобиль учун мўлжалланган ён ойналар 312 дона дея кўрсатилган бўлсада, аслида умумий қиймати 1 млрд. 76 млн. сўмлик 2392 дона эканлиги аниқланди.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан текширув ва суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.