Туркияда зилзила қурбонлари сони қарийб 46 минг кишига етди
Туркия ички ишлар вазири Сулаймон Сойлу Ҳатай вилоятидаги АФАД минтақавий мувофиқлаштириш марказида баёнот берди, дея хабар бермоқда Анадолу агентлиги.
«Ҳозирги вақтда зилзила оқибатида 45 968 киши ҳалок бўлгани маълум бўлиб, улардан 4 267 нафари Сурия фуқароларидир», — деди Туркия ИИВ раҳбари.
Шунингдек, у биринчи зилзиладан кейин 13 мингдан ортиқ ерости силкинишлари қайд этилганини маълум қилди.
«Жами 26 300 та бино вайрон бўлган. Шундан 26 032 та бинода қидирув ва қутқарув ишлари олиб борилди», — деди у.
Эслатиб ўтамиз, 6 февраль куни Туркияда 7,7 магнитудали вайронкор зилзила содир бўлган эди. Зилзила эпимаркази Қаҳраманмараш вилоятининг Пазарджик туманида, 7 километр чуқурликда бўлган.