Давлат хизматчиларига Ўзбекистон ичкарисида совға олиш тақиқланди
Адлия вазирлигининг билдиришича, 13 март куни давлат фуқаролик хизматчиси томонидан хизмат сафарлари, халқаро ва бошқа расмий тадбирларда олиниши мумкин бўлган совға қиймати, шунингдек, уни тасарруф этиш тартиби тўғрисидаги низом давлат рўйхатидан ўтказилди.
Низомга асосан хизматчи Ўзбекистондан ташқаридаги хизмат сафарлари, халқаро ва бошқа расмий тадбирлар, Ўзбекистонда ўтказиладиган халқаро ва бошқа расмий тадбирларда совға олиши мумкин.
Ўзбекистондаги бошқа хизмат сафарларида совға олиш мумкин эмас.
Олинадиган совға миллий қонунчиликда тақиқланмаган ва ихтиёрий ҳамда очиқ-ошкора берилган бщлиши шарт.
Хизматчи олинган совғани тадбирдан келгандан сўнг 3 иш кунида хўжалик бўлимига топширади. Унинг қиймати БҲМнинг 4 бараваридан (1,2 млн сўмдан) кўп бўлмаса, совға хизматчига қайтарилади.
Совға қиймати БҲМнинг 4 бараваридан кўп бўлса, у молия-иқтисод бўлинмаси томонидан давлат органи балансига кирим қилинади ҳамда давлат органи эҳтиёжи учун фойдаланилади.
Тез яроқсиз ҳолга келувчи совғалар (гул, ширинликлар), канцелярия тўпламлари (тақвим, буклет, пластмассали ручка, кундалик ва блокнот) совға сифатида расмийлаштирилмайди ҳамда ушбу совғалар давлат фуқаролик хизматчисида қолдирилади.