БМТ маърузачиси диний эркинликлар бўйича ҳисоботини тақдим қилди
27 март куни Тошкентдаги АҚШ элчихонасида БМТнинг диний эркинликлар бўйича собиқ махсус маърузачиси Аҳмад Шахид Ўзбекистондаги сўнгги 5 йилликка оид ҳисоботини эълон қилди.
Ҳисоботда БМТ махсус маърузачисининг 2018 йилда Ўзбекистонга амалга оширган сўнгги ташрифидан кейинги даврдаги ўзгаришлар, ютуқ ва муаммолар тилга олинади.
“Сўнгги ташрифимдан сўнг ўтган даврда айрим масалаларда ижобий силжишлар бор. Бироқ аксарият муаммоларнинг ўзгармай қолаётгани хавотирлидир” дейди Аҳмад Шаҳид АҚШ элчихонасидаги тақдимот маросимида.
Ўзбекистон ҳукумати ваъдаларини бажармади
Собиқ маърузачига кўра, унинг Ўзбекистонга 2017 йилдаги ташрифи чоғида мамлакат раҳбариятига 12 та тавсия берган. Уларнинг орасида “Жаслиқ” лагерини ёпиш, 1998 йилда қабул қилинган “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунни халқаро меъёрлар даражасида қайта кўриб чиқиш сингари талаблар бор.
Аҳмад Шаҳидга кўра, Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунида диний ташкилотларни рўйхатга олиш, диний таълим бериш, диний адабиётлар чоп этилиши жараёнини эркинлаштиришга оид нормаларда қолоқлик сақланиб қолмоқда.
Диний эркинлик билан боғлиқ жиноий, маъмурий қонунчиликка ўзгартиришлар киритиш, “экстремизм” тушунчасини қайта кўриб чиқиш, шахсларга “диний экстремизм”, “конституцияга хилоф фаолият” тушунчаларини аниқлаштириш тавсияси бажарилмади.
Шунингдек, “ноқонуний диний гуруҳлар фаолиятида иштирок этиш”да айблаш мумкин бўлган ҳолатларни ислоҳ қилиш ва вояга етмаганларга диний маълумот олиш учун имкониятини берувчи шароитлар яратиш амалга ошмади.
Диний пролетаризм ва миссионерлик таъқиқланганича қолмоқда.
Хотин-қизларнинг диний эркинликларни таъминлаш, қонун ҳужжатларини такомиллаштириш сингари жабҳадаги роли сезиларли даражада паст.
“Энг муҳими, мазкур қонун ҳужжати қабул қилиниши чоғида жамоатчилик талаб ва таклифлари инобатга олинмаган” дейди доктор Аҳмад Шаҳид.
Ўзбекистон эски “қора рўйхат”ларга қайтадими?
2019 йилда АҚШ ҳукуматининг диний эркинликлар бўйича комиссияси хулосасига кўра, АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистонни диний эркинликларни топтовчи давлатлар рўйхатига қайтарган.
Ҳолбуки, 2018 йилда ҳудди шу ташкилот Ўзбекистонни диний эркинлик соҳасида сезиларли ютуқларга эришган ҳисоблаб, мазкур рейтингдан чиқарган ва уни “алоҳида назоратга муҳтож давлатлар” рўйхатига киритган эди.
Ана шундан сўнг БМТ махсус маърузачиси ва АҚШ ҳукуматининг диний эркинликлар бўйича комиссияси билан Ўзбекистон расмийлари ўртасида ўзаро мулоқот деярли узилиб қолди.
Совуқ муносабатлар даврида Ўзбекистонга келмоқчи бўлган Аҳмад Шаҳиднинг Ўзбекистонга 3 марта ташрифи белгиланиб, сўнг бекор қилинди.
Ўзбекистон ҳукумати иддаосига кўра, мамлакат диний эркинликлар соҳасида илдам қадамлар билан бормоқда. Махсус маърузачи тавсияси билан Жаслиқ лагери ёпилган, “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун сўнгги халқаро талаблар даражасида ислоҳ қилинган.
Диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш тартибини ва ҳисобот талабларини соддалаштирилган.
Хусусан, рўйхатдан ўтиш учун тўловлар энг кам ойлик иш ҳақининг 100 бараваридан 20 тагача, яъни 18,4 миллиондан 3,6 миллион сўмгача камайтирилган.
Фаолият юзасидан ҳисобот даврийлиги йилига 4 дан 1 мартагача туширилган.
Қарийб 18 минг нафар шахс “қора рўйхат”лардан чиқарилиб, улар Рамазон ва Қурбон ҳайитлари, Конституция қабул қилинган кун муносабати билан берилаётган авфлар орқали озод қилинмоқда.
Шунга қарамай халқаро ташкилотларнинг сўнгги мониторинг хулосаларига кўра Ўзбекистон диний эринликлар учун хавфли мамлакатлар сирасига киритилиши мумкин.
БМТ мулозими фуқаролик жамияти вакиллари билан учрашмоқда
Ўзбекистонга ташрифи давомида доктор Аҳмад Шаҳид фуқаролик жамияти вакиллари, адвокатлар ва фаоллар билан учрашмоқда.
Шаҳид идораси вакилларининг таъкидича, учрашувлар Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти офисида ташкиллаштирилган.
Учрашувларнинг конфеденциал аҳамияти боис жамият раиси Абдураҳмон Ташанов мулоқотлар тафсилини шарҳламади.
Озодликка исми сир қолишини сўраган фаолларнинг бири Аҳмад Шаҳид етакчилигидаги комиссия фуқаролик жамияти вакиллари билан Ўзбекистондаги диний эркинликларга оид вазият, индивидуал кейсларни ўрганаётганини билдирди.
“Гарчанд Аҳмад Шаҳид ҳозирги пайтда амалдаги махсус маърузачи бўлмаса ҳам шу соҳада узоқ изланишлар олиб борган мутахассисдир. Унинг эълон қилган ҳисоботи Ўзбекистондаги кейинги 5 йилдаги диний эркинликлар таъминлашини ўзида акс эттиради” дейди фаол.
Асли Мальдив Республикаси ватандоши бўлган 59 яшар Аҳмад Шаҳид БМТдаги фаолиятидан аввал мамлакат Ташқи ишлар вазири лавозимида фаолият юритган.
2002 йилдан БМТда Эрон масаласи бўйича махсус маърузачи, 2016 йилнинг 1 ноябридан 2022 йилнинг 1 августига қадар БМТнинг диний эркинликлар бўйича махсус маърузачиси бўлган.
Ҳозирда Буюк Британиядаги Essex инсон ҳуқуқлари маркази масъул ходими сифатида фаолият олиб боради.