14 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар 3 тоифага ажратилди
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ёшлар сиёсати соҳасидаги ишлар натижадорлигини ошириш ҳамда улар билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.
Йиғилишда ёшлар билан ишлаш бўйича мутлақо янги тизим жорий қилиниши таъкидланди.
14 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшларнинг ижтимоий аҳволи, қобилияти ва қизиқишлари ўрганилиб, улар 3 тоифага ажратилди. Эндиликда улар билан манзилли, аниқ мезонлар асосида ишланиши таъкидланди.
Бунда:
– яхши ўқиётган, тадбиркорлигини йўлга қўйган, расмий секторда ишлайдиган, қобилияти бор, ижтимоий фаол бўлган 4,4 миллион ёшлар “яхши” тоифага;
– турмуш тақозоси билан расмий сектордан иш топа олмаган, лекин иқтисодий фаол 4,6 миллион ёш “ўрта” тоифага киритилди;
– давлатнинг ғамхўрлиги ва эътиборини кутаётган ҳамда кўмакка муҳтож 396 минг нафар ёшлар “аҳволи оғир” тоифасига алоҳида ажратиб олинди.