Қирғизистон мактабларида “сўнгги қўнғироқ” учун пул йиғиш тақиқланди
Қирғизистон Таълим ва фан вазирлиги мактабларда “сўнгги қўнғироқ” тадбирини ўтказиш учун пул йиғишни тақиқлаб қўйди. Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизмати вазирлик матбуот хизматидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.
Вазирликнинг ўқув йилини уюшган ҳолда якунланишини таъминлашга оид буйруғида мазкур тақиқ мулкчилик шаклидан қатъи назар барча мактабларга тегишли экани урғуланган.
“Сўнгги қўнғироқ” тадбири 25 май куни бўлиб ўтади. Бу тадбир учун пул йиғишни тақиқлаш бўйича буйруқ Таълим ва фан вазирлиги томонидан ўтган йилларда ҳам чиқарилган.
Жорий йил февралида президент Садир Жапаров таълим вазири Қанибек Иманалиевга мактаб таъмири ва зарур жиҳозлар сотиб олиниши учун ўқувчиларнинг ота-оналаридан пул йиғилишига йўл қўймасликни буюрган эди. Аммо кейинроқ вазир ота-оналардан пул йиғишни бутунлай тўхтатилишини ваъда қилолмаслигини билдирган.