Қозоғистонда ўғрилар лаҳим қазиб, заргарлик дўконини ўмарди
Степногорскда лаҳим қазиб заргарлик дўконини ўмарганликда гумон қилинган 1977 ва 1988 йилларда туғилган икки эркакни полиция Остона шаҳрида қўлга олди, деб хабар беради tengrinews.kz.
“1 май куни Степногорск шаҳрида номаълум шахслар лаҳим қазиб, дўконга кириб, 180 миллион тенгелик заргарлик буюмларини ўғирлаб кетишди. Мазкур далил бўйича Жиноят кодексининг 4 қисми 188 моддаси бўйича судга қадар тергов ҳаракатлари бошлаб юборилди. Оқмўла ва қўшни вилоятларда қидирув ишлари олиб борилди.
Улардан ашёвий далиллар, телефонлар, асбоб-ускуналар ва транспорт воситаси олиб қўйилди”, — дейилади полиция хабарида.
Тергов ишлари давом этмоқда, гумондорлар қўлга олинган.
Эслатиб ўтамиз, мазкур жиноят шаҳар бозори яқинида жойлашган заргарлик дўконларидан бирида содир этилган. Ижтимоий тармоқларда тарқалаётган видеода ўғрилар дўкон биноси зинапоясида тешик очгани акс этган.