«Сўнгги подишоҳ»
Чамамда, 8-9 йил бўлди, бир адабиётшунос дўстимнинг тавсияси билан Эрон адиби Муҳаммадкозим Мозиноний қаламига мансуб «Сўнгги подишоҳ» романини ўқигандим («Иностранная литература» журналининг 2012 йилги сонларидан бирида чоп этилган асарни рус тилига Александр Павлович Андрюшкин таржима қилган). Жуда қаттиқ таъсирландим. Унда инсон, жамият, сиёсат, мафкура, давлат, оила, имон, адолат, эзгулик, тенглик, хасталик, ўлим, тақдир… туйғулари манзаралари шу қадар маҳорат билан чизилганки, беихтиёр ўй-мулоҳазалар гирдобига ғарқ бўлиб кетади китобхон! Ҳаётнинг маъно-мазмунини ушбу тушунчалар силсиласи ва кўзгусида янада яққол, янада тарихий-ҳаётий жараёнларда кўз ўнгига келтиради.
Асар қаҳрамони — Эроннинг сўнгги подишоҳи Муҳаммад Ризо Паҳлавий. Қироллик тахти унга отасидан мерос қолган. Бу мерос унга 37 йил мобайнида вафо қилди, 37 йил мобайнида кўнглига келган не-не ишларга қўл урмади у! Уч карра унга суиқасд уюштирилди — омон қолди ва ниҳоят мамлакатда бошланган талотўплар тўлқинида инқилобчилар зафар қозонди. Муҳаммад Ризо Паҳлавий оиласи билан ҳижратга юз тутди!
Дарбадарлик бошланди. Не кунлар тушмади унинг бошига. Давомли хасталик, операциялар, қадр-қимматининг поймол этилишлари, ҳақоратлар… Алал-оқибат Миср заминида бу ёруғ дунёни тарк этди. Ваҳоланки, у дунёга устун бўлмоқчи эди. Қўлим етмайдиган жой қолмади ер юзида деб ўйлаганди. Эҳтимол, тирик жонга муқаррар етгувчи ўлимга ҳам беписанд эди. Лекин ўлди! Шоҳми-гадоми, бир кун ўлади, лекин буларнинг бирортаси Мисрдаги фиръавнлар дафн этилган эҳромларга заррача таъсир кўрсатолмайди — эҳромлар қилт этмайди, эй, одамзод!
Таржима — энг машаққатли ижод тури деб ҳисоблайман. Унинг уқубати бошимдан ўтган. Бироқ «Сўнгги подишоҳ» романи (юқорида қисман ёзганимдек) фавқулодда асар сифатида, хусусан, муаллифнинг тасвир маҳоратидан ҳайратларга тушганим боис (1963 йилда таваллуд топган адиб Муҳаммадкозим Мозиноний биродаримизга тасанно!) 2016 йил ёзида романни ўзбекчалаштиришга киришгандим. Ва ниҳоят, мана, орадан 8 йил ўтиб, таржима ниҳоясига етди! Янги таассуротлар, янги ҳаяжонлар ва албатта янгидан-янги ўй-мулоҳазалар қадрли ўқувчиларимизнинг адабий-маънавий оламида ҳам давом этишига ишонаман…
Хуршид Дўстмуҳаммад
02. 06 2023