Uzbekistan Airways Чехиядан тўртта LET L-410 самолётини сотиб олади
![Uzbekistan Airways Чехиядан тўртта LET L-410 самолётини сотиб олади](https://gdb.rferl.org/01000000-0aff-0242-11d8-08db46fd4faf_cx0_cy58_cw0_w800_h450.jpg)
Uzbekistan Airways 15 июнда Чехиянинг LET Aircraft Industries ширкати билан LET L-410-E20 енгил турбовинтли самолётларни сотиб олиш бўйича шартномани имзолади.
Uzbekistan Airways матбуот хизматининг билдиришича, ҳозирча тўрттагача самолёт сотиб олиш режалаштирилмоқда. 19 нафаргача йўловчи ташишга мўлжалланган бу самолётлардан ички рейсларни амалга оширишда фойдаланилади. Ширкат шартноманинг умумий қиймати тўғрисида маълумот бермади.
“Ушбу ҳаво кемаларини қисқа учиш-қўниш йўлакларида қўллаш ва республика ичидаги Зарафшон, Шаҳрисабз ва Андижон шаҳарлари каби йўналишлар тармоғини кенгайтириш режалаштирилган”, дейилади хабарда.
Чехия бош вазири Петр Фиала Осиё давлатлари бўйлаб турнеси доирасида Ўзбекистонга борган ва 25 апрелда бош вазир Абдулла Арипов ва президент Шавкат Мирзиёев билан учрашган эди.
Мазкур учрашувларда Ўзбекистон темир йўл ва жамоат транспорти учун чех поезд ва трамвайларини ҳамда L-410 самолётларини экспорт қилиш масалалари муҳокама этилган эди.