Мирзиёев Си Цзиньпинни 70 ёши билан қутлади
Президент Шавкат Мирзиёев Хитой раиси Си Цзиньпинни 70 ёшга тўлгани билан қутлади. Ўзбекистон президенти матбуот хизматининг 15 июлда билдиришича, Мирзиёев Си Цзиньпинни Тошкентга расмий ташриф билан келишга таклиф этди ва унга узоқ умр, сиҳат-саломатлик, оилавий бахт-саодат тилади.
Президент ўз табригида Хитойда “аҳолини камбағалликдан чиқариш, қашшоқликка барҳам бериш, ўртача фаровон жамият қуриш жараёнларини якунига етказишга қаратилган кенг миқёсдаги ислоҳотлар самарали амалга оширилаётгани”га эътибор қаратди.
“Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, Сизнинг шахсан эътиборингиз туфайли Ўзбекистон - Хитой муносабатлари ҳар томонлама мустаҳкамланиб, сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилиб бормоқда”, дейилади табрикда.
2022 йил 5 февраль куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Хитой раиси Си Цзиньпин Пекиндаги учрашувда камбағалликка ва коррупцияга қарши курашиш борасида Хитой тажрибасини ўрганиш ҳамда уни жорий қилишга келишиб олганди.
Шундан сўнг президент Шавкат Мирзиёев 10 май куни ўтган йиғилишда Ўзбекистоннинг ҳар бир вилоятидаги биттадан туманда Хитой тажрибаси асосида камбағалликдан чиқариш бўйича алоҳида дастур амалга оширилиши ҳақида билдирган эди. Бу дастур муваффақиятли амалга оширилса, 2024 йилдан бери тажриба мамлакатнинг барча ҳудудларига жорий этилади.