Россия Ўзбекистонга газ экспортини жорий йилнинг тўртинчи чорагидан бошлаши мумкин
Россия газининг Қозоғистон орқали Ўзбекистонга етказиб бериш ишлари 2023 йилнинг тўртинчи чорагидан бошланади. Бу ҳақда Ўзбекистон Энергетика вазирлиги маълумот тарқатди.
Вазирлик қайдича, 16 июнь куни Санкт-Петербург Халқаро иқтисодий форумида Россия газини Ўзбекистонга етказиб бериш бўйича шартнома ва республика газ узатиш тизимини Россия газини қабул қилишга тайёрлаш бўйича “Йўл харитаси” имзоланган
“Ҳужжатларни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Жамшид Хўжаев иштирокида Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ҳамда “Газпром” ОАЖ бошқаруви раиси Алексей Миллер имзолади”, дейилган хабарномада етказиб берилажак газ ҳажмига оид ҳеч қандай маълумот келтирилган эмас.
Шу куннинг ўзида Россиянинг “Газпром”ширкати ўзбекистонлик истеъмолчиларга Қозоғистон ҳудуди орқали ўз газини транспортировка қилиш бўйича қозоқ расмийлари билан шартнома имзолаган. Мазкур ҳужжатга Россия томонидан Алексей Миллер, Қозоғистон томонидан эса QazaqGaz ширкати раҳбари Санжар Жаркешов қўл қўйган.
Июнь ойи бошида Қозоғистон энергетика вазири Алмасадам Саткалиев ўз мамлакати инфратузилмаси Россия газини Ўзбекистонга транзит қилишга 2024 йилнинг куз-қиш мавсумига борибгина тайёр бўлишини билдирган эди.
Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон иштирокида “уч томонлама газ иттифоқи” тузиш истаги Россия президенти Владимир Путин томонидан қозоқ президенти Қасим-Жомарт Тоқаев билан ўтган йил ноябрида Москвада бўлиб ўтган учрашув чоғида билдирилган эди.
Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов 2022 йилнинг 7 декабрида журналистлар билан мулоқот чоғида Тошкент “ҳеч қачон газ эвазига сиёсий шартларга рози бўлмайди”, деб айтган. Вазирга кўра, Россия билан газ етказиб бериш бўйича шартнома тузилиши иттифоқ тузилишини англатмайди.
Аввалроқ Россия расмийлари Тошкентга Ўзбекистон газ-транспорт тизимини “Газпром”га сотишни ва Хитойга газ экспорт қилиш ҳуқуқини Москвага беришни таклиф қилгани ҳақида гап-сўзлар пайдо бўлган. Бироқ бу маълумот иккала давлат мулозимлари томонидан ҳам тасдиқланган эмас.
Жорий йил апрелида Самарқандга сафар қилган ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Россия, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги газ иттифоқи муҳокамасида илгарилаш кузатилаётгани ҳақида билдирган эди.
Ўша пайтда энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Россия газини Ўзбекистонга “Ўрта Осиё – Марказ” магистрал газ қувури орқали етказиб бериш режаланаётганини маълум қилган.