Ҳиндистон Сайлов комиссияси делегацияси муддатидан илгари Ўзбекистон Президенти сайловида халқаро кузатувчи сифатида иштирок этади
Ўзбекистоннинг Деҳлидаги элчиси Дилшод Аҳатов Ҳиндистон Сайлов комиссияси раҳбари, Бош сайлов комиссари Ражив Кумар билан учрашди, деб хабар қилмоқда «Дунё».
Мулоқот чоғида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли демократик ислоҳотлар, жумладан, 30 апрель куни умумхалқ референдумида тасдиқланган янги таҳрирдаги Конституцияга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида маълумот тақдим этилди.
Ўзбекистон демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат деб эътироф этилгани, барча ислоҳотларнинг марказида инсон манфаатлари туриши, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига, миллий ва умуминсоний қадриятларга, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган тамойилларига содиқлик эътироф этилганига эътибор қаратилди.
Конституциявий ислоҳот ва янгиланган Бош қомус мазмун-моҳиятидан келиб чиқиб, мамлакатимизда жорий йил 9 июль куни муддатидан илгари Президент сайлови бўлиб ўтиши тўғрисида сўзлаб берилди.
Ражив Кумар, ўз навбатида, Ўзбекистонда ҳаётга тадбиқ этилган конституциявий ислоҳот мамлакатнинг янги демократик босқичга кўтарилишида муҳим қадам бўлганини қайд этиб, бу борадаги саъй-ҳаракатларни юқори баҳолади. Янги Ўзбекистондаги изчил ўзгаришлар халқаро ҳамжамият томонидан илиқ кутиб олинаётганини эътироф этди.
Бош сайлов комиссари Ўзбекистондаги конституциявий ислоҳотнинг амалий натижаси сифатида ўтказилаётган муддатидан илгари Президент сайловида Ҳиндистон Сайлов комиссияси делегацияси халқаро кузатув миссиясида иштирок этишини маълум қилди.
Мулоқот чоғида, шунингдек, Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси ва Ҳиндистон Сайлов комиссияси ўртасида Ҳамкорлик меморандуми лойиҳаси тайёрлангани ва ушбу ҳужжат яқин муддатларда имзоланиши таъкидланди.