Эронда полиция бўлимида содир этилган теракт оқибатида икки киши ҳалок бўлди
Эрон полицияси мамлакат жануби-шарқидаги Систон ва Балужистон вилоятининг маъмурий маркази бўлган Заҳидан шаҳрида полиция бўлимига ҳужум қилган тўрт нафар террорчини йўқ қилди.
Бу ҳақда Tasnim агентлиги хабар бермоқда.
“Қуролланган шахсларнинг 16-полиция бўлимига уюштирган теракти натижасида икки полициячи ҳалок бўлди, тўрт нафар қуролли террорчи ҳам йўқ қилинди”, — деди вилоят полицияси раҳбари Сардор Жалилян.
Унга кўра, эрталаб тўрт нафар террорчи ташриф буюрувчилар ниқоби остида полиция бўлимига киришни режалаштирган. Отишма бошида террорчилардан бири йўқ қилинган. Шундан сўнг ҳужумчилар полиция бўлимининг қўриқлаш минорасига кириб, тартибсиз ўқ узишни бошлаган.
Жалиляннинг аниқлик киритишича, “қуролланган тўрт нафар террорчининг барчаси полиция ходимларининг кучли ўқ отиши натижасида воқеа жойида ўлдирилган, уларда 4 та қурол, 7 та граната ва бир нечта худкуш камарлари борлиги аниқланган”.