“Заковат” интеллектуал ўйинлари бўйича Ибн Сино кубоги ўтказилади
Тиббиёт соҳаси вакиллари ўртасида республика миқёсида бўлиб ўтадиган мазкур мусобақада шифокорлар, ҳамшира, фелдшер ва фармацевт каби тиббиёт соҳасининг турли вакиллари иштирок этишлари мумкин. Мусобақанинг республика босқичига чиққан жамоаларнинг Тошкент шаҳрига бориб-келишдаги транспорт ва меҳмонхона харажатлари тўлаб берилади.
Ўзбекистон Республикаси президентининг 2022 йил 20 январдаги “Заковат” интеллектуал ўйинини аҳоли ўртасида оммавий-маърифий ҳаракатга айлантириш ва бошқа интеллектуал ўйинларни ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–96-сонли қарорида белгиланган вазифалар ижроси доирасида, аҳолининг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш мақсадида “Заковат интеллектуал клуби” нодавлат нотижорат ташкилоти томонидан турли соҳа вакиллари ўртасида интеллектуал ўйинлар ташкил этиб борилмоқда.
Шу мақсадда 2023 йилнинг август ойида Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди, “Заковат интеллектуал клуби” ННТ ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикасида фаолият кўрсатаётган давлат ва хусусий тиббиёт муассасалари ходимларидан тузилган жамоалар ўртасида “Заковат” ўйини бўйича Ибн Сино кубогини ўтказиш режалаштирилган.
Мусобақада фақат шифокорлар эмас, балки ҳамшира, фелдшер ва фармацевт каби тиббиёт соҳасининг бошқа вакиллари ҳам иштирок этишлари мумкин. Шунингдек, бирор тиббиёт муассасасида меҳнат фаолиятини олиб бораётган талабалар ҳам иштирок этишлари мумкин.
Турнирда иштирок этиш учун жамоалар Кубок низомига 1-иловада келтирилган ариза намунасини тўлдирган ҳолда, тиббиёт муассасаси раҳбари имзоси ҳамда ташкилот муҳри билан биргаликда shifokor@zakovat.tv электрон почтасига ариза юборишлари кифоя қилади.
Турнир 2 та босқичда бўлиб ўтади:
1-босқич — ҳудудий саралаш босқичи;
2-босқич — республика босқичи.
Республика босқичида ғолиб бўлган жамоаларга қимматбаҳо совғалар топширилади.
Мусобақада иштирок этиш бепул. Шунингдек, ҳудудлардан иштирок этадиган жамоалар аъзоларининг Тошкент шаҳрига келиб-кетиш, меҳмонхона харажатлари “Заковат интеллектуал клуби” ННТ томонидан молиялаштирилади.