Пентагон Яқин Шарққа қирувчи-бомбардимончи F-35 самолётларини жойлаштирмоқда
Қўшма Штатлар Россия ва Эронни огоҳлантириш мақсадида энг замонавий қирувчи-бомбардимончи F-35 самолётларини ва эсминец русумидаги ҳарбий кемасини Яқин Шарққа жойлаштирмоқда. Бу ҳақда АҚШ ҳарбий раҳбарияти 17 июлда баёнот берди.
Самолётларини ва эсминецни Яқин Шарққа жойлаштиришга шахсан АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин буйруқ берган. Бунга икки ҳафта олдинроқ Эрон Ўрмуз бўғозидаги халқаро сувларда иккита танкерни босиб олишга ҳаракат қилгани сабаб бўлган. Пентагон расмий вакили Сабрина Синг самолётлар ва кема ўта муҳим денгиз йўллари хавфсизлигини таъминлаш мақсадида жойлаштирилаётганини билдирди.
Wall Street Journal газетасининг ёзишича, Эрондан ташқари Россиянинг ҳаракатлари ҳам Пентагон хавотирига сабаб бўлган. Сўнгги кунларда АҚШнинг учувчисиз бошқариладиган учоқлари Сурияда Россия самолётларининг турли провокацияларига учрамоқда. Россия самолётлари АҚШ дронларига Суриядаги радикал террор гуруҳиларига қарши амалиётларни ўтказишга ҳалақит қилмоқда.
Ўтган ҳафтада эса Россия разведкачи самолёти Сурия жануби-шарқидаги АҚШ ҳарбий базаси устидан бир неча парвозларни амалга оширди. Пентагон Россия мана шундай йўл билан Вашингтонгга минтақадаги кучлари сонини камайтиришга босим кўрсатмоқда, деб ҳисоблайди.