Африкадаги 54 давлатдан 37 таси Петербург саммитида иштирок этмайди
Африка давлатлари лидерларидан кўпчилиги Санкт-Петербургда 27–28 июлда президент Владимир Путин иштирокида ўтадиган Россия– Африка саммитида қатнашмайди.
The Moscow Times газетасининг ёзишича, Африкадаги 54 давлат лидерларидан фақат 17 нафари саммитга келадиган бўлди. Саммитда 10 давлатни бош вазирлар, 17 давлатни бош вазир ўринбосарлари ёки вазирлар, 5 давлатни элчилар тамсил этади. Бешта давлат саммитда иштирок этишдан бош тортган.
Россия ташқи ишлар вазирлигининг махсус топшириқлар бўйича элчиси Олег Озеров Москва саммитга келишдан бош тортган лидерларнинг қарорларини тушуниш билан қабул қилишини билдирди. Унга кўра, Путин саммитга келган давлатлар лидерлари билан алоҳида юзма-юз учрашади.
Россия – Африка саммити иккинчи марта ўтказилмоқда. Биринчи саммит 2019 йилда Сочида бўлганди. Ўшанда бирорта давлат саммитда иштирок этишдан бош тортмаган ва анжуманга Африкадан 45 нафар президент ва бош вазир келган эди.
2019 йилги саммитда Путин Африка давлатлари билан савдо айланмасини икки баробарга кўпайтириш ва 40 миллиард долларга етказишни ваъда қилганди. Аммо бугунги кунда бу кўрсаткич 18 миллиард долларни ташкил қилмоқда. Африка давлатларига киритилаётган инвестицияларнинг фақат бир фоизи Россия ҳиссасига тўғри келади.