Бурун қонашининг асосий сабаблари ҳақида биласизми?
Бурун қонашининг кенг тарқалган сабаби – унинг шилиқ қаватига жароҳат етиши ҳисобланади. Бундай ҳолатда буруннинг ён томонларини бармоқ билан босиб, бошингизни олдинга эгиб бироз ўтириш керак.
Қон босимидаги кескин ўзгаришлар ҳам бурун қонашига сабаб бўлиши мумкин.
Баъзи ҳолатларда организмдаги К ва С витамини танқислиги томирларнинг нозиклашиб қолишига олиб келади. Шу тариқа бурун тез-тез қонашни бошлайди. Ушбу муаммони бартараф этиш учун организмга К ва С витаминларини етказиб беришнинг ўзи кифоя бўлади.
Шифокорлар бурун соҳасидаги яллиғланишни ҳам унинг қонашига сабаб бўлувчи асосий омиллардан бири сифатида кўрсатишади.
Ҳар қандай ҳолатда ҳам беморни буруннинг тез-тез қонаши безовта қилаётган бўлса, зудлик билан шифокорга мурожаат қилиш зарур. Унинг сабабини ўз вақтида аниқлаш муаммони имкон қадар тезроқ бартараф этишга ёрдам беради.