Омбудсман қийноқлар тўғрисидаги шикоятларнинг 64 % тасдиқланмаганини иддао қилди
Ўзбекистон Омбудсманига қийноқлар тўғрисида келган шикоятларнинг 64 фоизи ўз тасдиғини топмади, деб иддао қилинди Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) тарқатган ҳисоботда.
Расман билдирилишича, 2023 йилнинг биринчи ярмида Омбудсманга қамоқхоналарда сақланаётган шахсларга нисбатан руҳий, психологик, жисмоний босим ўтказилганлиги ёки бошқача тарзда босим ўтказилганлиги юзасидан 125 та шикоят келиб тушган.
“Ушбу шикоятларнинг 64 фоизи юзасидан ходимларнинг хатти-ҳаракатларига нисбатан ўтказилган хизмат текширувлари ҳамда прокуратура органлари томонидан олиб борилган терговга қадар текширув якунларига кўра ўз тасдиғини топмаган”, - дейилади ҳисоботда.
Ҳисоботда айни пайтда қийноқлар бўйича 37 та шикоят юзасидан терговга қадар текширув олиб борилаётгани қайд этилган. Бундан ташқари саккиз шикоят юзасидан Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 2-бандига асосан жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ҳақида қабул қилинган қарорлар Омбудсманнинг хатига асосан прокурорлар томонидан бекор қилинган. Мазкур шикоятлар юзасидан қўшимча терговга қадар текширув ҳаракатларини ўтказиш белгиланган.
Халқаро ташкилотлар узоқ йиллардан бери Ўзбекистон ҳукуматини қийноқларнинг олдини олишга чақириб келади. Жумладан, Ҳюман Райтс Вотч (HRW) халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти 24 май куни эълон қилган ҳисоботида Ўзбекистонда ғайриинсоний муносабат ва қийноқ қўлланилаётганига оид иддаолар тилга олинган.
2021 йилнинг 26 июнь куни президент Мирзиёевнинг "Қийноқ қурбонларини қўллаш халқаро куни”да қийноқларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш тўғрисидаги қарори эълон қилинган, аммо фаолларга кўра, ўтган вақт мобайнида қийноқлардан ўлим ҳолатлари давом этмоқда.
Сўнгги марта Тошкент вилояти Бўка туманида 5 июнь куни терговга жалб қилинган шахс қийноқлар оқибатида вафот этгани тўғрисидаги хабар ўзбек жамиятида резонансга сабаб бўлган эди.
Мазкур воқеа юзасидан Жиноят кодексининг 235-моддаси (қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш) билан жиноят иши қўзғатилган. Бўка туман ИИБнинг икки ҳодими қамоққа олинган ва бошқарма раҳбарлари ишдан олинган эди.
Amnesty International халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти ҳисоботида ҳам Нукус воқеаларида айбланиб ҳибсга олинганларга қарши қийноқ қўлланилгани қайд қилинган.