Reuters: Россия армияга Қозоғистондан аскар ёллай бошлади
Reuters агентлигининг хабар беришича, интернетнинг қозоқ сегментида Россия армиясига ёлланиш тарғиб қилинган реклама пайдо бўлди. “Хорижлик биродарлар”га мурожаат сифатида жойлаштирилган рекламада Россия ва Қозоғистон байроқлари ва “Елкама елка” шиори акс этган.
Рекламада Россия армияси билан шартнома имзоламоқчи бўлганларга 495 минг рубль миқдорида бир марталик тўлов, ойига 190 минг рублдан маош ва жанговар ҳаракатлардаги иштирок учун «қўшимча тўлов»лар ваъда қилинган.
Рекламада Сахалин вилоят инсон тараққиёти агентлиги томонидан ташкил этилган сайтга ҳавола берилади. Шартномани ҳам Сахалинда имзолаш таклиф этилади.
Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг билдиришларича, ҳудди шундай реклама интернетнинг арман сегментида ҳам пайдо бўлган.
Январь ойида Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу кейинги уч йил ичида армия таркибини бир ярим миллион кишига кўпайтириш режалаштирилаётганини билдирган эди. 1 апрелдан Мудофаа вазирлиги шартнома асосида армияга одам ёллаш амалиётини қайта тиклаган. Мудофаа вазирлиги шартнома асосида 400 минг киши аскарликка ёлланишини билдирган.